Ўзбекистонда давлат органларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида етказилган зарарни қоплаш бўйича ягона қонун ишлаб чиқилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда давлат органи ёки унинг мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарори ёки ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Бугунги кунда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва хизматчиларининг қонунга хилоф деб топилган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган ва суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган зарарлар ва маънавий зиёнларни қоплашни тартибга солиш ягона қонун ҳужжати билан тартибга солинмасдан келинаётган эди.
Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов ўз маърузасида қайд этганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан етказилган зарарнинг ўрнини компенсация қилиш, ҳудудий компенсация жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилган маблағларни кейинчалик айбдор, деб топилган давлат органининг мансабдор шахсидан тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олиш, ҳудудий компенсация жамғармаси маблағларини шакллантириш тартиби белгиланмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси фуқароларнинг давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши тўғрисидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга ҳамда айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга қаратилган.
Мажлисда қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор саволлар ўртага ташланди. Хусусан, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Ёқубов қонун лойиҳаси халқ манфаатларига, фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилганини қўллаб-қувватлаган ҳолда, лойиҳанинг концепцияси долзарб эканини ва у партия сайловолди дастурида акс этганлигини таъкидлаб, айрим нормалар бўйича аниқлаштирувчи саволлар берди.
Депутат асосий компенсация тўловлари ҳудудий компенсация жамғармалари ҳисобидан тўланиши, захира жамғармалари эса ҳудудларда шакллантирилиши режалаштирилаётганини қайд этиб, лекин марказий давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қабул қилинган қарорлар оқибатида етказилган зарарлар қайси манба ҳисобидан қопланиши кераклигига ойдинлик киритиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, қонун лойиҳасида давлат органлари, мансабдор шахслари, уларнинг ноқонуний, қонунга хилоф қарорлари ва хатти-ҳаракати, ҳаракатсизлиги натижасида етказилган зарар кўрсатилаётгани, яъни субъект сифатида давлат органлари ва мансабдор шахслар бўлаётгани, агарда давлат хизматчилари томонидан зарар етказилса, бу ҳолатда ечим қандай бўлади? деган саволни ўртага ташлади.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Сайдулло Азимов фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳимояси қонунларда мустаҳкамланиши уларнинг тўлиқ амалга ошишига хизмат қилишини таъкидлар экан, қонун лойиҳасида ечимини топиши керак бўлган бир қатор масалалар борлигини билдирди.
Депутатнинг қайд этишича, қонун лойиҳасига кўра, агар суд давлат органи ёки унинг мансабдор шахси томонидан қонунбузарлик орқали фуқарога етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги талабни қаноатлантирса, у ҳолда суд ўз қарорининг ўзида ушбу зарар ҳудудий компенсация жамғармаси маблағлари ҳисобидан ундирилишини кўрсатади. Шунингдек, суд ҳукми ижро қилиниши учун ҳудудий комиссия — яъни ҳудудий кузатув кенгашига юборилади.
Биринчи муаммо шундаки, суд қандай масалаларни ўз қарорларида баён этиши кераклиги процессуал қонунларда аниқ белгилаб қўйилган. Бироқ мазкур лойиҳа билан Жиноят процессуал кодекси каби тегишли қонунларга ҳеч қандай ўзгартириш киритилмаган. Масалан, Жиноят процессуал кодексининг 1-моддасида жиноят ишларини юритиш фақат ушбу кодекс асосида амалга оширилиши белгиланган. Бу эса янги қонун билан амалдаги қонунлар ўртасида зиддият пайдо бўлишига олиб келади.
Иккинчи муаммо эса шундаки, “ҳудудий кузатув кенгаши” қандай орган экани аниқ эмас. Ҳозирги амалиётга кўра, Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган тартиб асосида суд қарорлари ижро органига юборилади ва ижро органи мансабдор шахсдан зарарни ундириш масаласини кўриб чиқади. Янги лойиҳага кўра эса бу вазифа ҳудудий кенгашга ўтади. Бу эса ушбу кенгаш ижро органи вазифасини бажараётганини англатади. Агар шундай бўлса, у ҳолда унинг ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб қўйилиши шарт.
Қолаверса, қонун лойиҳасида қандай турдаги ноқонуний қарорлар, ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликлар натижасида етказилган зарар тўланиши аниқ ва тушунарли ифода этилмаган. Бу эса амалиётда турли англашилмовчиликларга олиб келиши мумкин.
Депутатлар томонидан кўтарилган ушбу саволларга қонун ташаббускорлари батафсил тушунтириш бериб ўтишди.
Савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.