Валюта курслари 09/01/2026
$1 – 12109.02
UZS – 0.63%
€1 – 14139.70
UZS – 0.56%
₽1 – 150.31
UZS – 0.68%
Қидириш
Ўзбекистонда 2025 йилда 153 тонна сифатли қон тайёрланди

Ўзбекистонда 2025 йилда 153 тонна сифатли қон тайёрланди

Ўзбекистонда 2025 йилда 153 тонна сифатли қон тайёрланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилда Ўзбекистонда 153 тонна сифатли қон захира қилинди, деб хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 5 тоннага, 2023 йилга нисбатан эса 22,4 тоннага кўпдир.

Ихтиёрий донорликни ривожлантириш оғир касалликларга чалинган беморларни — онкологик, гематологик касалликлар билан оғриганларни, шунингдек, оғир жароҳат олганларни қон компонентлари билан таъминлашда устувор йўналиш бўлиб қолмоқда.

Мамлакатда Республика қон қуйиш маркази, Тошкент шаҳар “Қон препаратлари” илмий-ишлаб чиқариш корхонаси, 13 та ҳудудий ва 2 та республика тасарруфидаги қон қуйиш станцияси ҳамда 13 та қон қуйиш бўлими самарали фаолият юритмоқда.

«ЖССТ тавсияларига кўра, ҳар бир давлатда 1000 аҳолига камида 30 нафар донор тўғри келиши лозим. Бизда бу кўрсаткич 10 нафарни ташкил этмоқда. Белгиланган меъёрга эришилса, даволаш муассасаларининг эҳтиёжини тўлиқ қондириш мумкин бўлади», — деди Республика қон қуйиш маркази директори Аълонур Саидов.

Донорликнинг оммабоплигини ошириш мақсадида сайёр хизматлар йўлга қўйилган: ҳудудларга Isuzu автобуслари базасидаги 13 та кўчма донорлик комплекс етказиб берилди. Улар каравот, музлаткич, гемоконтейнер, ҳавони тозалашга мўлжалланган бактерияга қарши лампалар, кондиционер ҳамда ёриткичлар билан жиҳозланган. Унда бир вақтнинг ўзида 3 нафар донордан қон олиш мумкин.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, вазни 50 килограммдан юқори, гемоглабин миқдори эркакларда 128, аёлларда эса 120 бўлган ҳар бир шахс донор бўлиши мумкин. Йилига ҳар бир шахс 4 марта қон топшириш имконига эга. Ҳар бир топширилган қоннинг максимал миқдори 450 миллилитрдан иборат бўлиши керак.

2025 йил 28 февралда қабул қилинган ЗРУ-1041-сонли қонунга биноан «Ўзбекистон Республикасининг Фахрий донори» кўкрак нишони эгалари учун бир марталик пул мукофоти 15 БҲМгача оширилди ҳамда қўшимча имтиёзлар берилди. Уларга қулай вақтда йиллик ҳақ тўланадиган таътил олиш, шаҳар жамоат транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ва санаторий-курорт даволанишда устуворлик ҳуқуқи тақдим этилди.

Ихтиёрий донорликни ривожлантириш ва қон қуйиш муассасаларининг моддий-техника базасини кенгайтириш мамлакатда тиббий ёрдам сифатини босқичма-босқич оширишга ҳамда даволаш муассасаларини ҳаётий муҳим қон компонентлари билан барқарор таъминлашга хизмат қилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг