Ўзбекистон–Афғонистон Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди
Ўзбекистон–Афғонистон Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 26 март куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Афғонистон Савдо ва инвестиция палатаси раиси Муҳаммад Карим Ҳошимий бошчилигидаги делегация иштирокида Ўзбекистон–Афғонистон Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди ва унинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Кенгаш таркибига жами 32 нафар вакил киритилди. Жумладан, Ўзбекистон томонидан Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ва соҳавий уюшмалар вакиллари, Афғонистон томонидан эса Савдо ва инвестиция палатаси ҳамда етакчи хусусий компаниялар раҳбарлари киритилди.
Унда қурилиш материаллари, фармацевтика, озиқ-овқат, тўқимачилик, электротехника ва нефть маҳсулотлари каби устувор тармоқлар қамраб олинган бўлиб, бу икки мамлакат ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш ва ўзаро савдони кенгайтириш учун кенг имкониятлар яратади.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар қисқа муддатда ўзаро савдо ҳажмини 5 млрд АҚШ долларига етказишни белгилаб, бу мақсадга эришиш учун аниқ чора-тадбирлар режасини келишиб олди. Хусусан, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, рақамли божхона тизимларини жорий этиш, молиявий ва суғурта хизматларини ривожлантириш ҳамда савдо жараёнларида шаффофликни таъминлаш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Шунингдек, кўргазмалар, бизнес-форумлар ва B2B учрашувларни мунтазам ташкил этиш орқали ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов мазкур ташаббуснинг аҳамиятига тўхталиб, у тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, янги шерикликларни шакллантириш ва инвестиция фаоллигини оширишга хизмат қилишини қайд этди.
Мазкур келишув ва белгилаб олинган устувор йўналишларни изчил амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва ўзаро савдо ҳажмини сезиларли даражада ошириш кутилмоқда.