Ўзбекистон ярим тайёр заргарлик буюмларини экспорт қилиш тартибини такомиллаштирмоқда
Ўзбекистон ярим тайёр заргарлик буюмларини экспорт қилиш тартибини такомиллаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Депутатлар томонидан кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси бўлди.
Мамлакатимизда заргарлик саноатини янада ривожлантириш, республикада ишлаб чиқариладиган заргарлик буюмларининг ташқи бозорда рақобатбардошлигини таъминлаш ҳамда заргарлик буюмлари экспортини оширишга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Бунинг натижасида заргарлик саноатида сезиларли ўсиш кузатилиб, 2025 йилнинг ўзида соҳада фаолият олиб борувчи тадбиркорлар сони 2 700 тадан ошди. Экспорт кўрсаткичи эса 5.1 тоннага ёки 439 миллион АҚШ долларига етди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан эса қимматбаҳо металлардан ясалган ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг хулосасини олиш назарда тутилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида масъул қўмита томонидан бир қатор ишлар амалга оширилгани, жумладан, депутатлар таклифлари асосида лойиҳага тегишли ўзгартишлар киритилиб, айрим нормалар амалдаги қонунчилик ҳужжатларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилгани қайд этилди.
Сапаргул УТЕМУРАТОВА, Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси аъзоси: Қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг муомалада бўлиши соҳасидаги давлат сиёсатини такомиллаштириш, маҳаллий заргарлик саноатини ривожлантириш ҳамда қонуний фаолият олиб бораётган маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.