Ўзбекистон — Япония: парламентлараро ҳамкорлик янада ривожланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов бошчилигидаги парламент делегациясининг Японияга ташрифи доирасида “Ўзбекистон — Япония” парламентлараро форуми ўтказилди.
Форумда ҳар икки томондан парламентлараро алоқаларнинг бугунги кундаги ҳолати ва истиқболлари ҳақидаги ахборотлари эшитилди.
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов иштирокчиларга янги таҳрирдаги Конституция асосида мамлакатимизда янги ижтимоий-сиёсий муҳит шакллангани, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, иқтисодиётни ривожлантириш, ижтимоий ҳимояни таъминлаш ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар, уларнинг ҳуқуқий асослари ҳақида маълумот берди.
Ўз навбатида, Япония тарафи Ўзбекистон вакиллари томонидан баён этилган ва мамлакатимизда янгиланган Конституция асосида олиб борилаётган ислоҳотларни, Парламент фаолиятидаги ўзгаришларни алоҳида эътироф этдилар.
Япония депутатлари Ўзбекистон етакчиси раҳбарлигида мамлакатда демократик ислоҳотлар тизимли равишда амалга оширилаётгани, мамлакатни иқтисодий жиҳатдан кучайтириш бўйича таъсирчан чоралар кўрилаётганини, таълим, тиббиёт каби ижтимоий соҳаларда кенг қамровли ижобий ўзгаришлар ўз амалий ифодасини топаётганини таъкидладилар.
Шунингдек, Япония вакиллари томонидан ахборот технологиялари, тадбиркорлик, сунъий интеллект бўйича ҳамкорлик юзасидан бир қатор таклифлар илгари сурилди. Ушбу ташаббуслар давлатларимиз раҳбарлари томонидан эришилган келишувларни амалга оширишда муҳим омил бўлиши ва ҳамкорликни янгича мазмун билан бойитиши қайд этилди.
Форум давомида парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиболлари, уни янги мазмун билан бойитиш, қонун ижодкорлиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш масалалари бўйича ҳам сўз юритилди.
Форум сўнггида олий даражада эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш борасида парламентлар олдида турган вазифалар кўриб чиқилиб, устувор йўналишлар белгилаб олинди.