Валюта курслари 30/10/2025
$1 – 11990.53
UZS – -0.12%
€1 – 13959.38
UZS – -0.24%
₽1 – 150.71
UZS – 0.33%
Қидириш
Ўзбекистон янги иммунотерапия усулини йўлга қўйган дунёнинг саноқли давлатлари қаторига қўшилди

Ўзбекистон янги иммунотерапия усулини йўлга қўйган дунёнинг саноқли давлатлари қаторига қўшилди

Ўзбекистон янги иммунотерапия усулини йўлга қўйган дунёнинг саноқли давлатлари қаторига қўшилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тадқиқотларга кўра, анафилактик шок 20-30 фоиз ҳолатда ҳашаротлар чақиши туфайли юзага келади. Агар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмаса, бундай беморларнинг ҳаёти ўлим билан якунланиши мумкин.

Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт марказида Марказий Осиё бўйича илк бор бундай ҳолатларга қарши янги ва самарали иммунотерапия усули жорий қилинди.

Инсект аллергия асосан пардақанотли ҳашаротлар чақиши оқибатида пайдо бўлади, — дейди марказ раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова. — Бу гуруҳга асалари, ари, қовоқари (қизилари), тукли ари (тупроқ ариси) ва чумолилар киради.

Ҳашаротлар чақиши туфайли ривожланадиган оғир аллергик ҳолат танада кучли ҳолсизлик, тери оқариши, қичишиш, қаварчиқлар ва ангионевротик шиш, нафас қисиши, қон босимининг кескин тушиши, ҳушдан кетиш каби белгилар билан намоён бўлади. Кузатувларимизга кўра, бу турдаги аллергия болаларга нисбатан катталарда кўпроқ учрайди.

Аллерген специфик иммунотерапия (АСИТ) — ҳаёт учун хавфли бўлган бундай ҳолатларнинг олдини олиш имконини берувчи ягона самарали усул ҳисобланади.

Ушбу муолажа турида аллергенлар(масалан, ари заҳри, ўсимлик чанги)нинг тузли-сувли эритмаси бемор организмига кичик дозаларда титрлаб юборилади. Шундан сўнг специфик антитана миқдори камайиши, яъни аллергенга нисбатан жавоб реакцияси пасайиши кузатилади.

Натижада қондаги умумий IgE миқдори озайиб, блокловчи антитана — IgG4 кўпаяди. Шу тариқа касаллик симптомлари камаяди ва ҳатто хасталик беморни умуман безовта қилмайди. Худди шу иммунотерапия ёрдамида ҳаёт учун хавфли бўлган анафилактик реакциялар ривожланишининг олди олинади.

Жорий йил марказимизда Марказий Осиёда илк бор ари заҳри асосида тайёрланган махсус иммунотерапия препарати ёрдамида беморларни даволашни йўлга қўйдик.

Эътиборли жиҳати, ҳозиргача бу муолажа усули дунё бўйича атиги икки мамлакат — Грузия ва Туркияда амалга ошириб келинаётган эди. Эндиликда улар сафига Ўзбекистон ҳам қўшилиб, мазкур илғор технологияни жорий этган учинчи давлат сифатида жаҳон тиббиёт ҳамжамияти эътиборига тушди.

Бу иммунотерапия усули шунчаки симптомларни енгиллаштириб қолмай, аллергия сабабини тубдан бартараф этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг