Ўзбекистон WOOD & Company билан компанияларнинг халқаро капитал бозорларига киришини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида инвестицион-банкирлик гуруҳи WOOD & Company вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокараларда вазир ўринбосари Илзат Касимов ҳамда компания раҳбарияти иштирок этди. Томонлар молия бозорлари, инфратузилма, кўчмас мулк ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
WOOD & Company 1991 йилда Прага шаҳрида ташкил этилган бўлиб, Марказий ва Шарқий Европадаги энг йирик мустақил брокерлик компанияларидан биридир.
Компания инвестиция масалалари бўйича маслаҳат бериш, акциялар ва облигацияларни жойлаштириш ҳамда М&А (қўшилиш ва қўшиб олиш) битимларини қўллаб-қувватлаш соҳаларида фаолият юритади.
Учрашув якунида томонлар қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон компанияларининг халқаро капитал бозорларига чиқишига кўмаклашиш, шу жумладан IPO жараёнларига тайёргарлик ва уларни ўтказишда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришдилар.