Ўзбекистон ва ZTE рақамли соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ва ZTE рақамли соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Жаҳон мобил конгресси доирасида Хитойнинг етакчи телекоммуникация компанияларидан бири – ZTE раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Учрашувда компаниянинг бош вице-президенти Жеймс Чжан ҳамда ZTE'нинг халқаро йўналишлар бўйича масъул вакиллари иштирок этди. Музокаралар давомида ZTE билан узоқ йиллик ҳамкорлик алоқалари, телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда мамлакатда замонавий рақамли технологияларни жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш, кенг полосали интернет инфратузилмасини кенгайтириш, янги авлод телекоммуникация технологияларини жорий этиш, шунингдек, дата-марказлар инфратузилмасини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, телекоммуникация тармоқларида инновацион ечимларни жорий этиш ҳамда илғор технологиялар асосида янги хизматларни ишга тушириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашув давомида ZTE компанияси вакиллари Ўзбекистонда телекоммуникация соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, мамлакат билан технологик ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган Англашув меморандумини имзоладилар. Мазкур ҳужжат телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий алоқа технологияларини жорий этиш, дата-марказлар инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда инновацион ечимлар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, вазир Шерзод Шерматов ZTE компаниясининг кўргазма стенди билан танишди. Унда янги авлод телекоммуникация инфратузилмаси, дата-марказлар учун замонавий ускуналар, 6G технологиялари, Wi-Fi 7 ва Wi-Fi 8 ечимлари, шунингдек, сунъий йўлдош алоқа технологиялари намойиш этилди.
Тақдимот давомида компания мутахассислари ушбу технологияларнинг имкониятлари, уларнинг телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш ҳамда юқори тезликдаги алоқа хизматларини таъминлашдаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумот бердилар.