Ўзбекистон ва Хитой транспорт соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда: Урумчида UTK Logistics ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 10 июль куни Пекин шаҳрида «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ ва “Xinjiang Union of Railway International Logistics Co. Ltd” ўртасидаги ҳамкорлик доирасида “UTK International Logistics Co. Ltd” қўшма корхонаси ташкил этилиши муносабати билан тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И. Махкамов, Урумчи шаҳар халқ ҳукумати мери ўринбосари Хоу Ёнг, шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси З. Нарзуллаев, «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ бошқаруви раиси М. Мирхамидов ҳамда икки томоннинг бошқа юқори мартабали вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида янги корхонанинг Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги транспорт-логистика ҳамкорлигини чуқурлаштиришдаги стратегик аҳамияти алоҳида таъкидланди. Томонлар мазкур компания ўзаро юк ташувларини кенгайтиришда муҳим ўрин эгаллашига ишонч билдирди.
“UTK International Logistics Co. Ltd” компаниясининг офиси Урумчи шаҳрида жойлашиб, корхонанинг асосий фаолияти юкларни консолидация қилиш, Хитой томонидан субсидиялар жалб этиш ҳамда “Хитой – Марказий Осиё” йўналиши бўйича мультимодал ташувларни ривожлантиришдан иборат бўлади.
Ташкилий жараёнлар якунлангач, компания қисқа фурсат ичида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” йўналиши бўйича биринчи контейнер поездларини жўнатишни бошлайди.
“UTK International Logistics Co. Ltd” қўшма корхонасининг ташкил этилиши Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг логистика соҳасидаги стратегик ўрнини янада кучайтиришга хизмат қилади.