Ўзбекистон ва Хитой ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этиш масаласини муҳокама қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Молия вазирлиги вакиллари ўртасида икки томонлама онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан Халқаро муносабатлар департаменти директори ўринбосари Шухрат Маткаримов, Хитой томонидан Молия вазирлигининг Халқаро иқтисодий ва молиявий ҳамкорлик департаменти бош директорининг ўринбосари Чжан Бо иштирок этдилар.
Музокаралар давомида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Тараққиёт банкини ташкил этиш масалалари асосий эътибор марказида бўлди. Томонлар ташкил этилиши режалаштирилаётган янги молиявий муассасанинг тузилиши, ваколатлари, фаолият йўналишлари ва молиялаш механизмини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон томони ушбу ташаббус ШҲТ доирасида инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, минтақавий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим платформага айланишини таъкидлади.
Томонлар ШҲТнинг соҳавий тузилмалари ҳамда экспертлар даражасидаги музокараларни давом эттиришга келишиб олдилар.