Ўзбекистон ва Хитой инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор тажрибаларни алмашмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 19 август куни Тошкент шаҳрида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг "Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тўғрисида" номли китоби мазмун-моҳиятига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Анжуман 14-чақириқ Умумхитой қўмитаси Халқ сиёсий маслаҳатлашув кенгашининг доимий аъзоси, Миллий ва диний ишлар бўйича комиссия бошлиғининг ўринбосари, Хитой инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича жамиятининг ижрочи вице-президенти Цзян Цзяньго бошчилигидаги делегациянинг ташрифи доирасида ташкил этилди.
Семинар миллий хусусиятлар ва халқаро мажбуриятларни ҳисобга олган ҳолда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг замонавий ёндашувларини муҳокама қилиш учун қулай ҳуқуқий-маърифий майдонга айланди. Инсон ҳуқуқларини ҳуқуқий тартибга солиш ва институционал жиҳатдан таъминлаш соҳасида тажриба алмашиш, гуманитар ва академик соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда икки мамлакатнинг академик ва илмий доиралари, давлат ҳокимияти органлари вакиллари, парламент аъзолари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар намояндалари иштирок этди.
Семинарда Нанькай университети қошидаги Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича марказ профессори Чан Цзянь, Сиёсий фанлар ва ҳуқуқ бўйича жанубий-ғарбий университетнинг Инсон ҳуқуқлари институти профессори Чжао Шукун ва Цзинань университетининг Журналистика ва коммуникациялар институти намояндаси Чжэн Лян маъруза қилди.
Хитой томони вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараларини юқори баҳолади, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро майдонларда илгари сурган ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Ушбу саъй-ҳаракатлар минтақанинг барқарор ривожланиши ва жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашиши, давлатлар ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Ўзбекистон томонидан – “Тараққиёт стратегияси” маркази директори Элдор Туляков, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси бошлиғи профессор Музаффаржон Мамасиддиқов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази раҳбари Азамат Пардаев, Тошкент давлат юридик университети профессори Говҳержон Юлдашева, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов маърузалари тингланди.Семинар ишида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий стратегияларни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, жумладан, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларни амалга ошириш бўйича ўзаро фикр алмашинувлар катта қизиқиш уйғотди. Иштирокчилар ҳуқуқий мулоқот ва институционал ҳамкорликни ривожлантириш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимлари самарадорлигини оширишга хизмат қилишини алоҳида қайд этдилар.
Сўзга чиққанлар инсон ҳуқуқлари соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлашга қаратилган илмий-маърифий ташаббусларнинг аҳамиятини юқори баҳоладилар. Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой университетлари ва илмий марказлари ўртасида қўшма тадқиқот лойиҳалари ва академик алмашинувларни ривожлантириш муҳимлигига эътиибор қаратдилар.
Семинар якунида томонлар, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги замонавий таҳдидларни чуқур ўрганиш ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган қўшма форумлар, семинарлар ва эксперт учрашувларини ташкил этиш орқали икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича тизимли мулоқотни ривожлантириш Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ишонч ва узоқ муддатли шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши якдил эътироф этилди.