Валюта курслари 15/08/2025
$1 – 12581.97
UZS – 0.67%
€1 – 14698.26
UZS – 0.27%
₽1 – 157.75
UZS – 0.61%
Қидириш
Иқтисод 15/08/2025 Ўзбекистон ва Хитой фармацевтика ва биотехнология соҳасида ҳамкорликка оид бешта меморандум имзолади

Ўзбекистон ва Хитой фармацевтика ва биотехнология соҳасида ҳамкорликка оид бешта меморандум имзолади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги делегацияси Хитойга хизмат сафари доирасида яна бир қатор учрашувларни амалга оширди.

Веньчжоу тиббиёт университети раҳбарияти билан учрашувда таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик, технологиялар трансфери, клиник амалиётларни жорий этиш ва Ўзбекистонлик талабалар ва шифокорлар учун тажриба алмашиш ва малака ошириш имкониятларини тақдим этиш масалалари юзасидан келишувга эришилди.

Шунингдек, Веньчжоу шаҳридаги "Eye Valley" инновацион кластерининг тадқиқот марказлари ва лабораториялари билан танишилди. Учрашувлар якунида Веньчжоу тиббиёт университети, Eye Valley инновацион кластери ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ўртасида уч томонлама англашув меморандуми имзоланди.

Ухан шаҳрида Langtian Pharma Group ишлаб чиқариш майдонига ташриф буюрилди. Ташриф давомида “Tashkent Pharma Park” лойиҳаси ва Ўзбекистондаги инвесторлар учун яратилган имкониятлар билан таништирилди. Компания вакиллари томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқариш йўлга қўйишга қизиқиш билдирилди. Учрашув якунида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Шунингдек, Zhendong Health Industry Group раҳбарияти билан учрашувда ҳамкорлик ва инвестиция киритиш масалалари муҳокама этилди. Учрашув давомида Zhendong Health Industry Group ҳамда Ozwell Biopharm (Ўзбекистон) компаниялари ўртасида англашув меморандуми имзоланиб, Ўзбекистонда замонавий лаборатория барпо этиш лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги делегацияси томонидан Хитойга хизмат сафари давомида фармацевтика, биотехнология, илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқариш йўналишида 25 дан ортиқ компания вакиллари билан музокаралар ўтказилди ва 5 та англашув меморандуми имзоланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг