Ўзбекистон ва Хитой электротехника соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегациясининг Хитой Халқ Республикасига расмий ташрифи доирасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича қатор музокаралар, учрашувлар ва бизнес форумлар ўтказилди.
Ушбу делегация таркибида иштирок этган «Ўзелтехсаноат» уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов ҳамда Хитойнинг «Jezetek» (Sichuan Jiuzhou Investment Holding Group Co., Ltd.,) компанияси бошқарув раиси Янг Баопинг ўртасида ўтган музокаралар натижасида томонлар ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандум электротехника соҳасида стратегик шерикликни йўлга қўйишга хизмат қилади.
Хусусан, ҳужжатга мувофиқ, томонлар ўз салоҳиятини бирлаштирган ҳолда, электротехника маҳсулотлари ва юқори кучланишли кабель ишлаб чиқариш бўйича завод ташкил этиш, илғор технологиялар асосида LEDускуналари, Wi-Fi роутерлар ва рақамли қурилмалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалаларида ҳамкорлик қилади.
Ушбу англашув икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини жалб қилиш ҳамда “яшил технологиялар” ва рақамли инфратузилмалар соҳасида Ўзбекистоннинг салоҳиятини кенгайтиришда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади.