Ўзбекистон ва Хитой балиқчилик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ва Хитой балиқчилик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро марказида қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Қосимов ҳамда Хитойнинг "Dalian Ocean" университети вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётгани, айниқса қишлоқ хўжалиги соҳасида бу жараён янада жадаллашгани алоҳида таъкидланди.
Томонлар ушбу ижобий динамика келгусида янги лойиҳалар ва ташаббуслар учун мустаҳкам замин яратишини қайд этди.
Учрашув давомида балиқчилик йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокамаларнинг асосий йўналишига айланди. Хусусан, қўшма таълим дастурларини ташкил этиш, мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, илмий-амалий тажриба алмашувини кенгайтириш юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди.
Шу билан бирга, қурғоқчил ҳудудларда балиқ етиштириш бўйича инновацион ёндашувларни жорий этиш, малака ошириш курсларини ташкил этиш ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш механизмлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ташаббуслар мамлакатимизда аквакултура соҳасини ривожлантириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда янги иқтисодий имкониятларни юзага чиқаришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Учрашувда Акмал Қосимов вазирлик ваколатлари доирасида ушбу лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Бу эса томонлар ўртасидаги ишончли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим сигнал сифатида баҳоланди.
Музокаралар якунида томонлар келгусида аниқ таклифлар ишлаб чиқиш, амалий лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантиришга келишиб олди.