Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармаси макроиқтисодий барқарорлик ва давлат молиясини бошқариш ислоҳотларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 16 октябрь куни Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) йиллик йиғилишлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда ХВЖнинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти директори Жиҳад Азур ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда ХВЖ ва Ўзбекистон томонининг вакиллари, жумладан, ХВЖ Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти директор ўринбосари, Ўзбекистон бўйича вакил Афанасиос Арванитис, ХВЖнинг Ўзбекистон бўйича миссия раҳбари Яссир Абдиҳ, Ўзбекистон Марказий банки раиси Тимур Ишметов ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзаков ҳамда бошқа масъул шахслар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистоннинг жорий макроиқтисодий ҳолати ва ўрта муддатли истиқболлари юзасидан фикр алмашди. Муҳокамаларда 2025 йилги IV модда доирасидаги маслаҳатлашувлар натижалари, фискал интизомни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар ҳамда макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган тавсияларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, яширин иқтисодиётни қисқартириш, 2025–2030 йилларга мўлжалланган Давлат молиясини бошқариш ислоҳоти стратегиясини илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар иқтисодий бошқарув ва давлат молиясида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш каби истиқболли ҳамкорлик йўналишларини ҳам муҳокама қилди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон Республикаси ва ХВЖ ўртасидаги конструктив ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга ўзаро тайёрлигини билдирди. Макроиқтисодий барқарорликни сақлаш, институционал салоҳиятни кучайтириш ҳамда очиқ ва рақобатбардош иқтисодиётни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, барқарор ва инклюзив ўсишга хизмат қилувчи асосий ислоҳотлар йўналишида мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.