Ўзбекистон ва халқаро ҳамкорлар фазовий маълумотларни рақамлаштириш масаласини муҳокама қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, Европа Иттифоқи вакили Жана Курпиза, Жаҳон банкининг шаҳарсозлик бўйича катта мутахассиси Муҳаммад Нада иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда, Қурилиш вазирлиги, Миллий статистика қўмитаси, Кадастр агентилиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги вакиллари ҳамда вазирликнинг тегишли ходимлари иштирок этишди.
Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистонда Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини (НСДИ) рақамлаштириш ва интеграция қилиш лойиҳаси доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини атрофлича муҳокама қилди.
Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси (НСДИ) геофазовий маълумотларни самарали йиғиш, сақлаш, бошқариш ва алмашишни таъминловчи технологик, ҳуқуқий ва ташкилий ечимлар мажмуасидан иборат. НСДИни жорий этиш давлат бошқаруви, шаҳарсозлик, транспорт, экология ва бошқа муҳим соҳаларда фазовий маълумотлардан фойдаланиш учун ягона рақамли платформа яратади.
Музокаралар давомида томонлар лойиҳанинг қуйидаги асосий йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди:
• ҳудудларнинг минтақавий ва иқтисодий салоҳиятини ҳар томонлама таҳлил этиш;
• шаҳар ва қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш;
• ҳудудий режалаштириш жараёнларига замонавий рақамли ва геоахборот технологияларини татбиқ этиш;
• идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва халқаро экспертларни фаол жалб қилиш.
Учрашув якунида томонлар “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларига эришиш ва мамлакатнинг барча ҳудудларини жадал ва комплекс ривожлантириш йўлида ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда қўшма ташаббусларга киришишдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирди.