Ўзбекистон ва Венгрия Сирдарёда “ақлли ҳудуд” моделини жорий этиш масаласини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Венгрия Сирдарёда “ақлли ҳудуд” моделини жорий этиш масаласини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида берилган топшириқлари ижроси юзасидан Ўзбекистон Ишчи гуруҳи аъзолари Венгрия давлат бошқаруви ва ҳудудий ривожланиш вазирлиги вакиллари билан учрашдилар.
Унда жорий йилнинг 2-5 декабрь кунлари вазир Тибор Наврачич бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида давлат бошқаруви, ҳудудларни ривожлантириш, рақамли технологиялар, маҳаллий бошқарув ва барқарор ривожланиш соҳаларида ўзаро тажриба алмашиш масалалари ҳамда келгуси ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олингани таъкидланди ва бир қатор масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан: Сирдарё вилояти Ховос туманида Венгрия Давлат бошқаруви ва ҳудудий ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда «ZalaZONE» модели асосида “ақлли ҳудуд” пилот лойиҳасини амалга ошириш мақсадида доимий фаолият юритувчи Қўшма ишчи гуруҳ тузилди.
Венгриянинг маҳаллий бошқарувдаги «LEADER» модели, жамоатчиликни қарор қабул қилишда жалб этиш механизмлари, очиқ маълумотлар тизимлари ва рақамли бошқарув платформалари соҳасидаги тажриба алмашиш;
Вилоят ва туманларни объектив баҳолаш ҳамда инвестиция йўналтиришни самарали амалга ошириш мақсадида, Венгриянинг “Regional Competitiveness Index” методикасини адаптация қилиш асосида ҳудудий ривожланиш индексини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Венгрия Давлат бошқаруви ва ҳудудий ривожланиш вазирлиги тизимида фаолият юритувчи Давлат хизматлари маркази – Government windows офиси фаолияти ўрганилди.
Марказ 2011 йилдан буён "ягона дарча" тамойили асосида фуқароларга турли маъмурий хизматларни бир ташриф билан ҳал қилиш имконини берувчи хизмат кўрсатиш пунктидир.
Бугунги кунда мамлакатнинг 249 муниципалитетида 305 та қайд этилган офислар жойлашган бўлиб, 2 500дан ортиқ турдаги хизматларни тақдим этади. Аҳолига хизматларни яқинлаштириш мақсадида мобил офислар "Government window buses" лойиҳалари ҳам амалга оширилган.
Ügyfélkapu+ электрон ҳукумат портали орқали масофадан туриб давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилган.