Ўзбекистон ва Венгрия саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — ИССВ раҳбари Лазиз Кудратов бошчилигидаги делегация Будапештда Венгрия билан сармоявий, савдо-иқтисодий ва саноат ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишларни давом эттирмоқда.
17-19 май кунлари саноат зоналарини бошқариш ва ривожлантириш, улгуржи ва чакана савдо тармоқлари, инфратузилма ва йўл қурилиши, рақамлаштириш, энергетика, электр жиҳозлари ишлаб чиқариш, лойиҳаларни молиялаштириш соҳаларида Шарқий Европа бозорида етакчи бўлган йирик Венгрия компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди.
Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакиллари ҳам иштирок этган учрашувларда тўғридан-тўғри инвестициялар, илғор тажриба ва технологияларни жалб этган ҳолда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Қўшилган қийматга эга бўлган талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва истиқболли бозорларга имтиёзли экспорт қилиш имкониятини таъминлашга қаратилган бир қатор лойиҳалар бўйича амалга оширишнинг дастлабки босқичларида махсус саноат зоналари ҳудудида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари келишиб олинди.
Эришилган келишувлар Ўзбекистон-Венгрия кўп қиррали ҳамкорлик дастурларига киритилади. Уларга алоҳида лойиҳа менежерлар бириктирилиб, лойиҳаларнинг ҳар бир босқичини амалга оширишни назорат қилиш механизмлари жорий этилади.