Ўзбекистон ва Венгрия чорвачилик соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга расмий ташрифи доирасида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Будапешт шаҳрида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида қишлоқ хўжалиги, хусусан, чорвачилик йўналишида самарали ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган муҳим музокаралар олиб борилмоқда.
Жумладан, Венгриянинг чорвачилик йўналишидаги етакчи компанияларидан бири — Ҳунланд Гроуп вакиллари билан билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон томонининг чорвачилик мажмуаларини барпо этиш ва ишга тушириш, сут ҳамда гўшт маҳсулотлари йўналишида фермер хўжаликларининг генетик салоҳиятини ошириш, шунингдек, ушбу лойиҳани айнан Қорақалпоғистон Республикасида амалга ошириш борасидаги таклифлар ўртага ташланди.
Венгрия томони Ўзбекистондаги инвестицион муҳитни юқори баҳолаб, бўш турган чорвачилик комплекслари, зарур инфратузилма ва амалдаги қонунчилик юзасидан қизиқиш билдирди. Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш ва тегишли техник-иқтисодий ҳужжатларни ишлаб чиқиш борасида келишувга эришдилар.
Маълумот ўрнида: Ҳунланд Гроуп компанияси 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида дунё миқёсида сут ва гўшт чорвачилиги бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Компания йилига 4 800 тонна гўшт, 62 000 тонна сут маҳсулотларини ишлаб чиқаради ҳамда 350 000 бош йирик шохли қорамолни етиштириш қувватига эга. Бугунги кунда компания Словакия, Руминия, Греция, Сербия, Хорватия каби давлатлар билан ҳамкорлик қилмоқда.
Зеро, мазкур учрашув нафақат икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, балки Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, замонавий чорвачилик инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.