Валюта курслари 13/03/2026
$1 – 12102.39
UZS – -0.27%
€1 – 13990.36
UZS – -0.55%
₽1 – 153.08
UZS – -0.21%
Қидириш
Ўзбекистон ва Utair тўғридан-тўғри авиарейсларни кенгайтиришни муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Utair тўғридан-тўғри авиарейсларни кенгайтиришни муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Utair тўғридан-тўғри авиарейсларни кенгайтиришни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — МIТТ 2026 халқаро туризм кўргазмаси ишчи дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С. Таджиевнинг «Utair» АЖ Бош директори ва Бошқарув раиси билан учрашуви бўлиб ўтди. Томонлар Россия ҳудудлари ва Ўзбекистон ўртасидаги авиация алоқаларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Музокаралар давомида қайд этилишича, ҳозирги кунда «Utair» авиакомпанияси Россиянинг турли ҳудудларидан Ўзбекистоннинг асосий шаҳарларига — Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Фарғонага тўғридан-тўғри рейсларни муваффақиятли амалга оширмоқда. Асосий маршрутлар Ўзбекистон шаҳарларини Москва шаҳридаги Внуково аэропорти, шунингдек, Тюмен ва Сургут билан боғлайди.

Учрашувда қайд этилганидек, 2025 йилда Ўзбекистон Республикасига Россия Федерациясидан 984 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган. Ҳозирда икки давлат ўртасида ҳафтасига 500 дан ортиқ авиарейслар амалга оширилмоқда ва бу кўрсаткичларни янада ошириш бўйича ишлар фаол давом этмоқда.

Томонлар Сибир, Урал, Шимолий-Ғарбий ва Узоқ Шарқ федерал округлари аҳолиси томонидан туризмга бўлган талабнинг ортиб бораётгани алоҳида таъкидладилар. Делегация вакиллари ушбу ҳудудлар сайёҳларининг Ўзбекистонга ташриф буюришга юқори қизиқиш билдираётганини қайд этдилар, аммо тўғридан-тўғри авиация алоқасининг йўқлиги туристик сафарларнинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.

Музокаралар якунида томонлар қўшма ишчи гуруҳ тузиш бўйича асосий келишувларга эришдилар. Ушбу гуруҳнинг вазифалари — ҳозирги вазиятни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва авиакомпания маршрутлар тармоғини кенгайтириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш.

Ҳамкорликдаги ишларнинг асосий мақсади — Ўзбекистон шаҳарлари билан бугунги кунда энг юқори қондирилмаган талаб кузатилаётган Россия ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишдан иборат. Бу ишга ҳар икки мамлакатнинг соҳа вазирлик ва идораларини жалб этиш режалаштирилмоқда. 

Рейслар географиясини кенгайтириш ва уларнинг сонини ошириш сайёҳлар оқимини сезиларли даражада кўпайтиришга, Россиянинг узоқ ҳудудларида яшовчи аҳоли учун сафарларни янада қулай қилишга ва икки давлат ўртасидаги бизнес ҳамда маданий алоқаларни мустаҳкамлашга имкон беради.

Томонлар эришилган келишувларнинг амалга оширилиши авиаташувлар соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишига ҳамда йилига бир миллиондан ортиқ россиялик сайёҳни қабул қилиш мақсадига эришишга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг