Ўзбекистон ва Туркманистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Туркманистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Туркманистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов “Италия – Марказий Осиё (С5) + Озарбайжон” халқаро форуми доирасида Туркманистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Беркели Беркелиев билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, аграр соҳада ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида қишлоқ хўжалиги йўналишида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, айниқса пахта уруғчилиги, уни ҳудудлар кесимида жойлаштириш ва юқори ҳосилдор навларни жорий этиш борасида ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда соҳага инновацион ёндашувларни кенг татбиқ этиш масалалари ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди. Томонлар бу борада қўшма ташаббусларни илгари суриш, тажриба алмашиш ва илғор ечимларни амалиётга жорий этиш бўйича фикр алмашдилар.

Мулоқот давомида фермерлар малакасини ошириш, уларни замонавий агротехнологиялар асосида ўқитиш мақсадида пилот лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди. Бу орқали қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, ҳосилдорликни кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш мумкинлиги таъкидланди.

Якунда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш йўлида биргаликда ишлашга тайёр эканликларини билдирдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг