Ўзбекистон ва Туркманистон олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида стратегик ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Туркманистон олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида стратегик ҳамкорликни кенгайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 16 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Байрамгул Ораздурдиева ва Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар учун манфаатли бўлган соҳаларда кадрлар тайёрлаш, тажриба алмашиш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, қуйидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди:
ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қисқа муддатли стажировкалар, «Эразмус+» дастурлари доирасида қўшма лойиҳаларни кўпайтириш;
қишлоқ хўжалиги йўналишида икки дипломли таълим дастурларини йўлга қўйиш;
"ВорлдСкиллс – 2026" тадбирини Ўзбекистонда Туркманистон билан ҳамкорликда ўтказиш;
қишлоқ хўжалиги, суғориш технологиялари, чўл ҳудудларини мелиорациялаш, яшил энергетика, сув ресурсларини бошқариш, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект каби соҳаларда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш;
шунингдек, қўшма таълим дастурларини жорий этиш, академик мобилликни кенгайтириш ва технопарклар ҳамкорлигини кучайтириш.
Б. Ораздурдиева мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган дўстона муносабатлар изчил ривожланаётганини таъкидлаб, соҳа бўйича қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ ташкил этиш ва 2025–2026 йилларга мўлжалланган "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.