Ўзбекистон ва Туркия пенсия ва ижтимоий соҳада тажриба алмашишни давом эттириш юзасидан келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Халқаро ижтимоий таъминот форуми доирасида Пенсия жамғармаси делегацияси ва Туркия ижтимоий ҳимоя институти вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Айни кунларда Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида Пенсия жамғармаси делегацияси Халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси (ISSA) томонидан ташкил этилган "Халқаро ижтимоий ҳимоя" Форумида иштирок этмоқда.
Мазкур Форум доирасида 30 сентябрь куни Туркия ижтимоий ҳимоя институти (Sosyal Güvenlik Kurumu) президенти Р.Кая билан пенсия таъминотига оид масалаларда учрашув ўтказилди.
Ўзаро мулоқот давомида "Пенсия ва ижтимоий ҳимоя тўғрисида"ги Битим лойиҳаси юзасидан ҳамкорликда ишлаш, шунингдек, соҳа юзасидан ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, келгусида ҳам ўзаро мулоқотни давом эттириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ушбу тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича ишчи гуруҳлар тузишга келишиб олинди.