Валюта курслари 26/01/2026
$1 – 12084.95
UZS – -0.43%
€1 – 14182.90
UZS – -0.06%
₽1 – 159.31
UZS – -0.43%
Қидириш
Ўзбекистон ва Туркия 30 миллион долларлик Гибрид Уруғлик Марказини ташкил этишга келишиб олдилар

Ўзбекистон ва Туркия 30 миллион долларлик Гибрид Уруғлик Марказини ташкил этишга келишиб олдилар

Ўзбекистон ва Туркия 30 миллион долларлик Гибрид Уруғлик Марказини ташкил этишга келишиб олдилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегациясининг Туркия Республикасига хизмат сафари доирасида аграр соҳада муҳим ва истиқболли келишувларга эришилди. Вазирлик бошқарма бошлиғи Шохрух Акрамов бошчилигидаги делегация Туркиянинг етакчи агроиндустриял ва инвестицион компаниялари билан қатор музокаралар ҳамда бизнес учрашувлар ўтказди.

Хусусан, делегация маккажўхори ва писта экинлари учун оналик ҳамда оталик уруғлар етиштиришга ихтисослашган “Armada Brand Seed” компанияси раҳбарияти билан расмий учрашув ўтказди. Унда компаниянинг замонавий селекция технологиялари, уруғчилик соҳасидаги илғор тажрибаси тақдим этилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон томони мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестиция киритаётган хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар — солиқ ва божхона имтиёзлари, ер ажратиш, инфратузилма билан таъминлаш ҳамда давлат қўллаб-қувватлови механизмлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Музокаралар якунида томонлар умумий қиймати 30 миллион АҚШ доллари бўлган “Ўзбекистон гибрид уруғлар маркази” лойиҳасини Ўзбекистон ҳудудида амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Ушбу лойиҳа мамлакатда замонавий уруғчилик тизимини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилади.

Шунингдек, Анқарада аграр соҳада фаолият юритувчи йирик инвесторлар билан кенг кўламли бизнес учрашув ташкил этилди. Тадбирда Туркиянинг қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва савдо йўналишларида фаолият олиб бораётган 10 дан ортиқ йирик компания раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Улар орасида MÜSİAD — 12 мингдан ортиқ аъзога эга бўлган ва 60 дан зиёд давлатда ваколатхоналарига эга йирик бизнес ассоциацияси, Doğanlar Tarım — замонавий агротехнологиялар ва уруғчилик йўналишидаги етакчи компания, ҳамда Promaks Grain — дон маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт билан шуғулланувчи йирик ташкилотлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб борилди.

Учрашув давомида турк компаниялари Ўзбекистон бозорига бўлган қизиқишлари ва инвестицион имкониятлари бўйича тақдимотлар ўтказдилар. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари эса мамлакатимизда аграр соҳани ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инвесторлар учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот бердилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР