Ўзбекистон ва Татаристон Савдо-саноат палаталари ўртасида учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 17 апрель куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов Татаристон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Шамиль Агеев билан учрашув ўтказди.
Учрашувда шунингдек, Россиянинг энг йирик кўп тармоқли бизнес-комплекси — «Халқаро савдо маркази» бош директори ва кузатув кенгаши раиси Владимир Страшко, ҳамда Татаристон Республикасининг Ўзбекистондаги савдо вакили Айдар Ахтарев ҳам иштирок этдилар.
Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон ва Россия, жумладан, Татаристон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Жумладан, жорий йилнинг 13-18 май кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган XVI халқаро иқтисодий форум — «Россия – Ислом олами: KAZANFORUM» доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва маҳаллий ишбилармон доира вакилларининг иштирокини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар ушбу форумда Ўзбекистон тадбиркорлари фаол иштирокини таъминлаш юзасидан ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб олишди. Шунингдек, Татаристон Савдо-саноат палатаси ва «Халқаро савдо маркази» билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишлар изчил давом эттирилиши бўйича келишувга эришилди.