Ўзбекистон ва TAQA Water Solutions сув таъминоти соҳасида қўшма инфратузилма лойиҳалари истиқболларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва TAQA Water Solutions сув таъминоти соҳасида қўшма инфратузилма лойиҳалари истиқболларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов TAQA Water Solutions компаниясининг бош директори Аҳмад Ал-Шамси билан учрашди.
Учрашув давомида томонлар сув таъминоти ва оқова сувларни бошқариш соҳасида қўшма инфратузилма ташаббусларини амалга оширишнинг жорий ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Муҳокамалар амалий ҳамкорлик масалалари, лойиҳаларни янада пухта ишлаб чиқиш параметрлари ҳамда тегишли тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштиришга қаратилди.
Вазир Ўзбекистоннинг сув ресурсларини барқарор бошқариш соҳасида халқаро тажриба ва илғор ечимларни жалб этишга интилишини таъкидлади. Шунингдек, йирик инфратузилмавий лойиҳаларини амалга оширишда шаффоф ва иқтисодий жиҳатдан асосланган ёндашувларнинг муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Миллий стандартларга риоя этиш ҳамда барча томонлар манфаатлари мувозанатини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Ўз навбатида, TAQA Water Solutions раҳбари конструктив мулоқотга, компания муҳокама қилинган ташаббусларни амалиётга татбиқ этишга ва биргаликда ишлашни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни ривожлантиришга ва самарали мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.