Ўзбекистон ва Таиланд ўртасида мувофиқликни баҳолаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” имзоланди
Ўзбекистон ва Таиланд ўртасида мувофиқликни баҳолаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” имзоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 18-19 декабрь кунларида Таиланднинг Бангкок шаҳрида “Таиланд Ҳалол Ассамблеяси-2025” бўлиб ўтмоқда.
Тадбир доирасида “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси ҳамда Таиланднинг нуфузли Чулалонгкорн Университети ҳузуридаги “Ҳалол илм-фан маркази” ўртасида 2026–2027 йилларда мувофиқликни баҳолаш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” имзоланди.
Мазкур ҳужжат мувофиқликни баҳолаш, ҳалол стандартларини жорий этиш, синов ва сертификатлаштириш соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Тадбир давомида ҳалол соҳасида илмий ёндашувга бағишланган тақдимот ҳам намойиш этилди. Унда ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва баҳолашда илмий-тадқиқот асосларининг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, ҳалол соҳасидаги янги йўналиш — “Яшил ҳалол” концепцияси расман таклиф қилинди. Ушбу концепция экологик барқарорлик, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш ва масъулиятли ишлаб чиқариш тамойилларини ҳалол талаблари билан уйғунлаштиришни кўзда тутади. “Яшил ҳалол” ёндашуви фармацевтика корхонаси мисолида амалий тақдимот орқали намоён этилди.
Тақдимотларда ҳалол тизимининг асосий элементи сифатида лабораторияларнинг ўрни алоҳида қайд этилди. Сифатли лаборатория таҳлиллари ҳалол мувофиқликни ишончли баҳолашнинг асоси экани таъкидланди.
Бундан ташқари, ҳалол мувофиқликни баҳолашда блокчейн технологияларини қўллаш масаласи кўриб чиқилди. Ушбу ёндашув жараёнларнинг шаффофлиги, маълумотларнинг ҳимояланганлиги ва ишончлилигини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Имзоланган “Йўл харитаси” Ўзбекистон ва Таиланд ўртасида ҳалол ҳамда мувофиқликни баҳолаш соҳасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, инновацион ва экологик йўналишларни жорий этиш учун муҳим қадамлардан бири бўлиши кутилмоқда.