Ўзбекистон ва TÜV NORD сертификатлаш ва Европа Иттифоқи бозорларига киришни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва TÜV NORD сертификатлаш ва Европа Иттифоқи бозорларига киришни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 24 мартдаги иш режасига мувофиқ ИССВ вазири Лазиз Кудратов сертификатлаштириш, инспекция ва техник назорат соҳасида жаҳон етакчиси ҳисобланган TÜV NORD компанияси вакиллари билан учрашди.
TÜV NORD – маҳсулотлар ва менежмент тизимларининг халқаро стандартларга, жумладан, Европа Иттифоқи бозорлари талабларига мувофиқлигини баҳолаш бўйича хизматлар кўрсатувчи, сертификатлаштириш ҳамда техник назоратга ихтисослашган нуфузли халқаро ташкилотдир.
Музокаралар давомида томонлар мувофиқликни баҳолаш ва сертификатлаштириш йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини, шунингдек, маҳаллий маҳсулотлар сифатини ошириш ҳамда уларнинг халқаро мезонларга жавоб беришини таъминлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Давлат-хусусий шериклик асосида TÜV NORD компаниясининг Ўзбекистондаги фаолиятини йўлга қўйиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ташқи бозорларга тайёрлаш, халқаро стандартларни жорий этиш ва синов базасини такомиллаштириш чораларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда инспекциялар ўтказиш ва халқаро сертификатлар бериш, келгусида эса компаниянинг мамлакатимиздаги расмий филиалини очиш бўйича келишувга эришилди.