Ўзбекистон ва Словения Люблянада савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 14-15 май кунлари ИССВ раҳбари Лазиз Кудратов бошчилигидаги делегация Любляна шаҳрида Ўзбекистон ва Словения ишбилармон доиралари билан икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган бир қатор қўшма тадбирларини ўтказди.
Хусусан, Словения Республикаси Иқтисодиёт, туризм ва спорт вазири Матяж Хан, SID Банк раҳбарияти билан учрашувлар, икки томонлама муҳокамалар ва ушбу мамлакат йирик компаниялари раҳбарлари билан кенгайтирилган давра суҳбати ўтказилди.
Учрашувларда Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти намойиш этилди, саноат кооперациясини ривожлантириш учун фойдаланилмаган ресурслар, йирик минтақавий бозорларга имтиёзли чиқиш ва икки мамлакат ишбилармон доираларининг самарали ҳамкорлиги учун замин яратиши мумкин бўлган амалий ҳамкорликнинг кўплаб бошқа жиҳатлари намойиш этилди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар Словения томони томонидан ҳам ҳукумат, ҳам бизнес даражасида юқори баҳоланиб, манфаатлар ва имкониятлар кесишган барча нуқталарда ҳамкорликдаги ишлар кўламини оширишга тўлиқ тайёр экани билдирилди.
Тўқимачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари, минерал ўғитлар, пластмасса, рангли металлар, қурилиш материаллари, фармацевтика, саноат ускуналари ва юқори қўшилган қийматга эга бошқа тайёр маҳсулотларни етказиб бериш тури ва ҳажмини кенгайтириш ҳисобига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказиш бўйича қатор келишувларга эришилди.
Шу билан бирга, доривор гиёҳларни етиштириш ва ўстириш бўйича йирик кластерлар ташкил этиш, фармацевтика ва косметика маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариш, фармацевтика соҳасидаги ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича ҳамкорликда ўқув дастурларини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар келишиб олинди. Томонлар Ўзбекистондан ҳамшира ва шифокорларни ишга юбориш учун меҳнат миграцияси бўйича ҳукуматлараро келишувни имзолаш бўйича ишларни жадаллаштиради.
ИССВ делегацияси ўз ишини давом эттириш учун шу куни Будапештда жўнаб кетди.