Ўзбекистон ва Словения асаларичилик соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари Словениянинг асаларичилик бўйича етакчи олим ва мутахассисларидан иборат делегация аъзолари билан учрашув ўтказдилар.
Суҳбат чоғида томонлар асаларичилик соҳасида илмий ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий технологиялар ва илғор тажрибаларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда, шунингдек, БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (УНИДО) томонидан амалга оширилаётган “Глобал асаларичилик ва асал ишлаб чиқариш соҳасида билимлар ва кўникмалар алмашинуви” лойиҳаси доирасидаги ишларни ривожлантириш бўйича фикрлар алмашилди.
Таъкидландики, бу ташаббус асаларичилик соҳасидаги билим ва инновацияларни кенг тарқатиш, қишлоқ ҳудудларида бандликни ошириш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Мулоқот давомида томонлар асаларичилик маҳсулотларини экспорт қилиш географиясини кенгайтириш, янги бозорларга чиқиш имкониятларини излаш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини ҳам кўриб чиқдилар.
Учрашув якунида Тошкент давлат аграр университетида ўтказилган илмий-амалий семинарда словениялик олимлар асаларичилик билан шуғулланадиган тадбиркорлар ва талабаларга ўз тажрибаларини тақдим этдилар.
Семинар иштирокчилари Словенияда асал етиштиришда қўлланилаётган инновацион ёндашувлар, маҳсулот сифатини назорат қилиш ва экспортга тайёрлаш тизими ҳақида атрофлича маълумот олдилар.