Ўзбекистон ва Швеция икки томонлама сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 29 май куни ИССВда Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори Мансур Расулев Швеция Ташқи ишлар вазирлиги Савдо сиёсати департаменти бош директори Камилла Меландер бошчилигидаги ушбу мамлакат ишбилармон доиралари делегацияси билан учрашди.
Томонлар саноат, электротехника, қишлоқ хўжалиги ва геология соҳаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилдилар. Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, швед потенциал инвесторларини мамлакатимизга жалб этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар келишиб олинди.
Швециялик тадбиркорларга Ўзбекистоннинг салоҳиятини тўла намоён этувчи, мамлакатимизнинг иқтисодий имкониятлари, сармоявий ва экспорт салоҳияти учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Учрашув якунида томонлар қўшма инвестисия лойиҳаларини янада ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва янги ташаббусларни амалга оширишга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар.