Ўзбекистон ва Shandong Swan Cotton Machinery қишлоқ хўжалигини механизациялаш лойиҳаларини муҳокама қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Хитойнинг “Shandong Swan Cotton Machinery” компанияси бошқарув раиси Ван Синтин бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини механизациялаш йўналишида қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томонидан қишлоқ хўжалиги техникаларини, шу жумладан пахта териш машиналарини харид қилишни рағбатлантириш, лизинг асосида молиялаштириш механизмларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотлар берилди.
Хитой томони, ўз навбатида, “Shandong Swan Cotton Machinery” компаниясининг фаолияти ва халқаро лойиҳалари билан батафсил таништирди. 70 йиллик тажрибага эга компания пахтани териш ва қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, маҳсулотлари 37 та давлатга экспорт қилинади.
Делегация вакиллари Ўзбекистон пахтачилик тармоғида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирар экан, компания томонидан ишлаб чиқарилаётган турли хилд пахта териш машиналари жаҳон андозаларига жавоб бериши ва сифат жиҳатидан глобал бозорда рақобатбардош экани алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасини механизациялаш йўналишида амалий ҳамкорликни босқичма-босқич йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди.