Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида консуллик маслаҳатлашувларининг биринчи босқичи бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида консуллик маслаҳатлашувларининг биринчи босқичи бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Ар-Риёд шаҳрида Саудия Арабистонида узоқ йиллардан буён истиқомат қилиб келаётган ватандошлар билан самимий учрашув ўтказди.
Давра суҳбатида шифокорлар, таълим соҳаси вакиллари, хизмат кўрсатиш ходимлари, талабалар ҳамда тадбиркорлар иштирок этди. Учрашув чоғида ҳукумат томонидан хорижда яшаётган ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, жумладан рақамлаштирилган хизматлар орқали қулайликлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Ватандошлар элчихона ва дипломатик ваколатхоналар томонидан яратилаётган имкониятлар учун миннатдорлик билдириб, консуллик хизматларидан мунтазам фойдаланиб келаётганликларини таъкидладилар.
Шунингдек, меҳнат миграцияси соҳасида қонуний ва муносиб иш ўринларини яратиш мақсадида Саудия Арабистони тегишли идоралари билан олиб борилаётган музокаралар, таълим олиш имкониятлари ҳамда ёшлар учун яратилаётган истиқболлар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида очиқ мулоқот давом эттирилиб, ватандошларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди, шунингдек, Подшоҳлик ҳудудида қонунларга қатъий риоя этиш ва ноқонуний фаолиятлардан йироқ бўлиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.