Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Тараққиёт Жамғармаси икки томонлама инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Тараққиёт Жамғармаси икки томонлама инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 23 январь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Саудия Тараққиёт жамғармаси бош ижрочи директори Султон Ал-Маршад билан учрашди. Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ҳамкорлик йиллари давомида Жамғарма томонидан Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш, таълим, ичимлик суви таъминоти ва ирригация, уй-жой қурилиши, шунингдек транспорт инфратузилмаси соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳалар молиялаштирилди.
Ҳозирги кунда қўшма лойиҳалар портфели умумий қиймати 287,4 млн АҚШ долларига тенг бўлган 11 та лойиҳани ўз ичига олади. Бундан ташқари, умумий қиймати 138 млн АҚШ долларини ташкил этувчи икки устувор лойиҳа - “Қорақалпоғистон Республикасида арзон уй-жой қурилиши” ҳамда “Республика автомобиль йўлларидаги шикастланган кўприкларни реконструкция ва таъмирлаш” лойиҳалари ишлаб чиқиш босқичида турибди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусларни амалга ошириш, шунингдек мамлакатнинг миллий ривожланиш устувор йўналишларига мувофиқ устувор соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга ўзаро қизиқиш билдирдилар.