Ўзбекистон ва Россия тадбиркорлари ўртасида кооперация истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 2 май куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов ва Узоқ Шарқ тадбиркорлар клуби ижроия директори Анастасия Продан бошчилигидаги Россия Федерациясининг Приморск ўлкаси ишбилармон доиралари делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланаётганини таъкидлаб, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” бешинчи халқаро саноат кўргазмасининг муваффақиятли ташкил этилганини юқори баҳоладилар.
Музокаралар давомида асосий эътибор саноат кооперациясини чуқурлаштиришга қаратилди. Хусусан, электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, улгуржи савдо, автомобиль саноати, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида лифтлар ишлаб чиқариш ва қурилиш материаллари соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек бозордаги вазият, кўргазма ва ярмаркалар ҳақида доимий ахборот алмашинувини таъминлаш юзасидан келишувларга эришилди.