Ўзбекистон ва Россия компаниялари инвестиция муҳитини яхшилаш масалаларини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Россия компаниялари инвестиция муҳитини яхшилаш масалаларини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Россия компаниялари инвестиция муҳитини яхшилаш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2 апрель куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Россиянинг йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад инвесторларнинг маҳаллий бозордаги фаолияти давомида юзага келаётган масалаларни тезкорлик билан ҳал этишдан иборат бўлди.

Мулоқотда Magnit, Aqua-Products, Wildberries, Promomed, TCMT, Angren Pack, BCG GROUP OZ, Pipe Metal, Siberian Wellness каби етакчи корхоналар вакиллари иштирок этишди.

Томонлар иш жараёнининг муҳим жиҳатлари, жумладан, маҳсулотларни маркировка қилиш, ҚҚСни қайтариш, тарифлар ва инфратузилма масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Учрашув якунида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича билдирилган таклифларни амалиётга татбиқ этиш учун масъуллар бириктирилди.

Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик барқарор суръатларда ривожланмоқда. Охирги беш йил ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 5,7 миллиард доллардан 13 миллиард долларга етди, қўшма корхоналар сони эса уч баробар кўпайиб, 3 200 тадан ошди. 2025 йил якунларига кўра, ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 4,8 миллиард долларни ташкил этди.

Ҳозирги кунда ишлаб чиқариш, агросаноат мажмуаси ва фармацевтика йўналишларида умумий қиймати 43,9 миллиард долларлик қўшма лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг