Ўзбекистон ва Россия божхона экспертизаси соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Божхона қўмитасининг Россия Федерациясидаги вакили Россия федерал божхона хизмати масъулалри билан учрашди.
Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг Россия Федерациясидаги вакили Р. Акрамов Россия федерал божхона хизмати Марказий эксперт-криминалистика божхона бошқармаси (МEКББ) бошлиғи Г. Г. Самосоров билан учрашув ўтказди.
Шунингдек, ушбу бошқарманинг асосий бўлимлари фаолияти, экспертиза ўтказиш жараёнлари ва лаборатория базаси билан танишди.
МEКББ — божхона органлари манфаатлари учун кенг кўламли божхона ва суд экспертизаларини амалга оширувчи ихтисослаштирилган муассаса бўлиб, Россия Федерациясининг барча ҳудудларини қамраб олиш имкониятига эга бўлган 9 та ҳудудий филиал ва 36 та эксперт-криминалистика бўлинмасига эга.
691 нафар ходим, шу жумладан 400 нафар мутахассис-экспертлар фаолият юритаётган мазкур бошқарма томонидан ҳар йили тахминан 30 мингдан зиёд экспертиза ўтказилиб, илмий-техник салоҳияти ва юқори касбий даражаси билан ажралиб туради.
Учрашув давомида экспертлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими, ходимларни моддий рағбатлантириш тартиби, лаборатория ускуналарини харид қилиш амалиёти, шунингдек, экспертиза усулларини такомиллаштириш ва малака ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, экспертлар тайёрлаш соҳасидаги тажриба, илмий изланишлар йўналишлари ҳамда лабораториялараро синовларни ташкил этиш имкониятлари бўйича фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг Россиядаги вакили фаолияти 2024 йилнинг апрель ойидан йўлга қўйилди.
Бу ҳақидаги келишув 2022 йилнинг 2 декабрида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия мажлиси доирасида иккала мамлакат божхона хизмати раҳбарлари томонидан имзоланган.