Ўзбекистон ва Қозоғистон солиқ соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Қозоғистон солиқ соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси Раиси Фаррух Пулатов Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бейбут Атамкулов билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида томонлар солиқ соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг юқори даражада эканлигини тасдиқлаб, унинг изчил ривожланиб бораётганини таъкидладилар.
Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, рақамлаштириш ҳамда ушбу йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва интеграция жараёнлари шароитида ёндашувларни мувофиқлаштириш, жумладан, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши, инвестиция муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.