Ўзбекистон ва Қозоғистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар
Ўзбекистон ва Қозоғистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пойтахтимизда ўтказилаётган халқаро форум доирасида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Қозоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ермек Кенжеханули билан учрашди.
Мулоқот чоғида томонлар икки давлат аграр тармоғини ўзаро манфаатли асосда ривожлантириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар. Хусусан, экология ва иқлим ўзгариши шароитида қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришга қаратилган янги ҳамкорлик йўналишлари бўйича таклифлар илгари сурилди.
Учрашувда, шунингдек, дон, дуккакли ва мойли экинларни қайта ишлаш, гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги имкониятлар ҳам кўриб чиқилди. Бу эса икки давлат ўртасида аграр соҳада чуқур интеграцияни таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиб, аграр соҳада узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам замин яратмоқда.