Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон парламент делегацияси расмий ташриф билан Қозоғистон Республикасида бўлиб турибди. Ташриф доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси Ерлан Кошанов билан учрашув ўтказди.
Конструктив мулоқот давомида томонлар парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, олий даражада эришилган муҳим келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Қонун чиқарувчи органлар фаолиятини такомиллаштириш, парламент институти ва маҳаллий вакиллик органлари салоҳиятини ошириш борасида тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, аралаш сайлов тизимини жорий этиш ва парламент ваколатларини кенгайтиришга ёндашувларда ўхшашлик мавжудлиги таъкидланди.
Халқаро парламент майдонларида, шу жумладан, Парламентлараро иттифоқ, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси, МДҲ ПА доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.