Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро ишбилармонлик ҳамкорлигини мустаҳкамлашда давом этмоқда: Тошкентда кенг кўламли бизнес-форум бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун, 20 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазирлиги кўмагида Ўзбекистон–Қозоғистон бизнес-форуми ташкил этилди.
Тадбирда икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари ҳамда бизнес доиралардан 100 дан ортиқ вакиллар иштирок этди. Жумладан, “QazTrade” AJ, “Kedentransservis” AJ, “iMas Group”, “Jain Labo”, “Tazau”, “Medial Group”, “Asyl Dan Trade”, “StalTsink”, “Telli Ondiris”, “Sagintay”, “Muranu”, “Empire Food”, “Zhaik Electric”, “Hi-tech Building”, “Aral Quartz” вa “Teplomart” каби компаниялар қатнашди.
Форум иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаев ҳамда Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири ўринбосари Айдар Абилдабеков мурожаат қилиб, икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалардаги сезиларли ўсишни таъкидлади ва ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга интилаётганликларини қайд этди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида ўзаро савдо ҳажми 3,5 миллиард АҚШ долларини (+16%) ташкил этган бўлиб, шундан Ўзбекистон экспорти 1,1 миллиард доллар (+7%)ни ташкил этди. Ўзбекистонда 1157 та қозоғистонлик корхона фаолият юритмоқда, шулардан 876 таси тўлиқ қозоғистон капиталига эга, 281 таси эса қўшма корхона ҳисобланади.
Форум давомида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг иқтисодий салоҳияти кенг ёритилди, инвестиция имкониятлари тақдим этилди, саноат, қишлоқ хўжалиги, логистика, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида истиқболли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида давлат ва бизнес вакиллари ўртасида (G2B) музокаралар, шунингдек, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида B2B учрашувлар ўтказилиб, аниқ лойиҳалар ва ташаббуслар муҳокама қилинди. Форум янги ҳамкорлик лойиҳаларини шакллантириш, тажриба алмашиш ва бизнес алоқаларини ўрнатиш учун самарали майдон бўлди.
Форум якунида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, инфратузилма қурилиши ҳамда агро-саноат мажмуаси йўналишларида келишувлар имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлиб, икки томоннинг интеграцион жараёнларни ривожлантириш ва бизнес учун янги имкониятлар яратиш борасидаги умумий мақсадларини акс эттирди.