Валюта курслари 15/08/2025
$1 – 12581.97
UZS – 0.67%
€1 – 14698.26
UZS – 0.27%
₽1 – 157.75
UZS – 0.61%
Қидириш
Иқтисод 16/08/2025 Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Марказий Осиё – Хитой (С5+1) фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳининг иккинчи конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси авиация маъмурлари ўртасида музокаралар ўтказилди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги мунтазам авиақатновлар сонини ошириш бўйича келишувга эришилди. Ушбу қадам транспорт қулайлигини ривожлантириш, ишбилармонлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, икки давлатнинг сайёҳлик жозибадорлигини оширишга қаратилган. 

Эришилган келишувларга кўра, икки давлатнинг тайинланган ташувчиларига Олмаота – Тошкент ва Нур-Султон – Тошкент йўналишларининг ҳар бири бўйича ҳафтасига 42 тагача рейсни амалга оширишга рухсат берилди. Қолган барча йўналишларда ҳафтасига 7 тагача рейс бажаришга рухсат этилди.

Томонларнинг тайинланган авиакомпаниялари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги барча келишилган йўналишлар бўйича мунтазам парвозларни амалга оширган тақдирда, парвозларнинг рухсат этилган частотаси ҳафтасига 238 та рейсни ташкил этади.

Шунингдек, томонлар мамлакатлар ўртасида мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун белгиланган манзиллар сонини кўпайтиришга келишиб олдилар. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик ривожланиб бормоқда.

Хусусан, 2025 йил 3 июлдан бошлаб Ўзбекистоннинг "My Freighter" (Centrum Air)  авиакомпанияси ҳафтасига 2 та рейс билан Ақтау – Нукус йўналиши бўйича парвозларни амалга оширишни бошлади. Қозоғистоннинг "Fly Arystan" авиакомпанияси эса ўз навбатида, 2025 йил 15 июлдан бошлаб ҳафтасига 3 та рейс билан Атирау – Тошкент йўналиши бўйича авиақатновларни йўлга қўйди.

Музокаралар якунида томонлар конструктив мулоқотни давом эттириш ва мамлакатлар ўртасидаги ҳаво қатновларини янада ривожлантиришга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга ошириш ҳамда келгусида самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлашди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг