Валюта курслари 23/06/2025
$1 – 12496.94
UZS – -0.5%
€1 – 14405.22
UZS – -0.05%
₽1 – 159.38
UZS – -0.49%
Қидириш
Ўзбекистон 26/03/2025 Ўзбекистон ва Қирғизистон: Таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичда

Ўзбекистон ва Қирғизистон: Таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 25 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшонкул Чотонов билан учрашув ўтказди.

Мазкур учрашувда икки давлат ўртасидаги олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди. Томонлар таълим соҳасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш муҳимлигини таъкидлашди.

Мулоқотда давомида ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари юзасидан фикр алмашилиб, ўтган давр мобайнида қатор амалий ишлар қилинганлиги эътироф этилди.

Жумладан, Ўзбекистон томони Қирғизистонлик талабалар учун 100 та давлат грантини ажратган бўлиб, ҳозирги кунда 360 нафар қирғизистонлик талаба Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ҳамда Қирғизистон илмий муассасалари билан ҳамкорликда сув ресурсларини бошқариш бўйича илмий грант лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ҳар икки мамлакатда олий таълим муассасалари ректорларининг форуми ўтказилиб, ўтган йилларда 90 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари имзоланган.

Бундан ташқари, томонлар паломник туризмини ривожлантириш мақсадида илмий-тадқиқот маркази ташкил этиш, шунингдек, барқарор энергетика бўйича Фарғона давлат техника университети ва Қирғизистон университетлари билан микроГEС қуриш лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олдилар.

Самимий учрашув якунида мазкур ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашига ишонч билдирилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг