Ўзбекистон ва Қатар ёшларни таълим ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилнинг 26-27 май кунлари Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Мунира Аминова Қатар давлатида амалий ташриф билан бўлиб, Қатар ҳукумати ва жамоатчилик институтлари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги, Қатар тараққиёт жамғармаси, Қатар хайрия ташкилоти, Вақф ишлари бўйича бош бошқармаси, Доҳа фан ва технологиялар университети раҳбарияти билан музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва ёшлар малакасини ошириш соҳаларида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини эътироф этиб, келгусида ушбу соҳаларда тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги мустаҳкам шерикликни яна бир бор тасдиқлади ва икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган янги ташаббусларни илгари суришда муҳим қадам бўлди.