Ўзбекистон ва Қатар олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд шаҳрида ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси тадбирлари доирасида Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнгиротбой Шарипов Қатар давлатининг Таълим ва олий таълим вазири Лолва бинт Рошид Ал-Хатер билан учрашув ўтказди.
Музокара чоғида икки давлат ўртасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, Қатар талабаларининг Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш йўналишларида илғор тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилди.
Сўнгги йилларда икки мамлакат олийгоҳлари ўртасида таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасидаги ўзаро манфаатли алоқалар фаол ривожланиб бораётгани, айниқса, мутахассисларни қўшма равишда тайёрлаш ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Учрашув давомида Ўзбекистон томонидан қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, талабалар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш, магистратура ва докторлик даражаларини қўшма тан олиш механизмларини ишлаб чиқиш, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш ва халқаро конференцияларда иштирок этишни рағбатлантириш, қўшма таълим дастурлари ва илмий лабораториялар ташкил этиш.
Шунингдек, икки давлат олийгоҳлари ўртасида сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, «яшил» иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш, қайта тикланувчи энергия манбалари, озиқ-овқат хавфсизлиги ва агробиотехнология, нефть-газ саноати ва инжиниринг йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш таклиф этилди.
Томонлар ушбу ташаббуслар бўйича яқин вақт ичида амалий қадамларни бошлашга келишиб олдилар.