Валюта курслари 22/08/2025
$1 – 12413.79
UZS – -0.42%
€1 – 14468.27
UZS – -0.34%
₽1 – 154.86
UZS – -0.36%
Қидириш
Иқтисод 22/08/2025 Ўзбекистон ва Қатар фармацевтика, қурилиш ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни келишиб олди

Ўзбекистон ва Қатар фармацевтика, қурилиш ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни келишиб олди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов 20–21 август кунлари Доҳада Қатарнинг давлат ва бизнес сектори вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди. Музокаралар инвестиция ва ташқи савдо блокига масъул вазирлар ҳамда Qatar Pharma, Tamam International, Almana Group, Ariane Real Estate, Retaj Group, Al Mansour Group, Petro White, Qatar Mining, Global Infrastructure Partners, Qatar Investment Authority вa Al Jabor Trading каби етакчи компаниялар раҳбарлари билан бўлиб ўтди.

Ўзбекистон томони энергетика, фармацевтика, машинасозлик, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, шунингдек, туризм йўналишларида инвестиция имкониятларини тақдим этди. Инвестицион муҳитнинг амалий жиҳатлари – капитални ҳимоя қилиш кафолатлари, солиқ ва божхона имтиёзлари, стратегик лойиҳалар учун махсус шароитлар – батафсил тушунтириб берилди.

Музокаралар якунида фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштириш, электробус заводи ташкил этиш, қурилиш ва кўчмас мулк соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш, «ақлли» шаҳар ҳудудларини ривожлантириш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш йўналишларида, шунингдек, туризм инфратузилмаси ва меҳмонхона бизнесига инвестициялар киритишга келишилди. Шунингдек, томонлар Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни тайёрлаш, 2026 йилда Доҳада “Made in Uzbekistan” кўргазмасини ўтказиш ҳамда “Ўзбекистон – Қатар” Бизнес кенгашини ташкил этишга келишиб олдилар.

Эришилган келишувлар томонларнинг стратегик ҳамкорликни кенгайтиришга ўзаро тайёрлигини кўрсатиб, юқори даражадаги бўлажак икки томонлама тадбирлар доирасида тасдиқланадиган янги қўшма лойиҳалар портфелини кенгайтиришга замин яратди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг