Ўзбекистон ва Покистон транспорт алоқаларини янги босқичга олиб чиқмоқда
Ўзбекистон ва Покистон транспорт алоқаларини янги босқичга олиб чиқмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров бошчилигида мамлакатимизнинг йирик транспорт-экспедиторлик компаниялари вакилларидан иборат делегациянинг Покистонга амалга оширган ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва минтақавий боғлиқликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Покистон Темир йўллар вазири ўринбосари Мазхар Али Шоҳ билан “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” темир йўл қурилиши лойиҳасини техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун қисқа муддатда дала-тадқиқот ишларини бошлашга келишилди.
Шунингдек, Покистон коммуникациялар вазири ўринбосари Али Шоҳ Масуд билан янги “Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” транспорт йўлагини яратиш бўйича келишувга эришилди. Томонлар жорий йил февраль ойида мазкур йўналишда пилот ташувларини амалга оширишга келишиб олди.