Ўзбекистон ва Покистон чарм-пойабзал саноати соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «O‘zcharmsanoat» уюшмаси вакиллари Покистонга амалга оширилган бизнес-миссия доирасида Лаҳор шаҳрида бир қатор самарали учрашувлар ўтказди.
Ташриф давомида делегация Покистоннинг етакчи тери ва пойабзал ишлаб чиқарувчиси — “Dada Enterprises Limited” раҳбарияти билан музокаралар ўтказди. 1965 йилда ташкил этилган компания бугунги кунда 60 дан ортиқ мамлакатга тери маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Компаниянинг терини қайта ишлаш ва пойабзал ишлаб чиқариш соҳасидаги йиллик товар айланмаси 50 миллион долларни ташкил этади. Корхона LWG Gold Rated, BSCI, ISO 9001 и ISO 14001 халқаро сертификатларга эга.
Учрашув чоғида Ўзбекистон чарм-пойабзал саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорлар учун яратилган солиқ ва божхона имтиёзлари, инвестиция ва экспорт имкониятлари ҳақида тақдимот ўтказилди. Музокаралар якунида томонлар ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Делегация, шунингдек, Pakistan Tanners Association раҳбарияти билан музокаралар олиб борди. Ушбу уюшма Покистон чарм саноатининг етакчи иштирокчиси ҳисобланади ва мамлакат экспорт ҳажмида муҳим ўрин тутади.
Учрашув давомида Лаҳор шаҳрининг йирик компаниялари раҳбарларига Ўзбекистондаги ислоҳотлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, инвестиция муҳити ҳақида тақдимот қилинди. Тадбирда Покистон ишбилармонларини Ўзбекистонга «бизнес-тур» ташрифини амалга ошириш таклифи билдирилди.
Ташриф доирасида ўтказилган музокаралар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестиция ва савдо алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.