Ўзбекистон ва Озарбайжон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Озарбайжон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пойтахтимизда ўтказилаётган халқаро форум доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги аграр ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Вазир Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги аграр соҳа мутасаддилари Озарбайжон қишлоқ хўжалиги вазири Мажнун Маммадов раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида томонлар Қорабоғ ҳудудида “Дўстлик боғи”ни барпо этиш ишларини жадаллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Шу билан бирга, аграр соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашувда қишлоқ хўжалиги экинларини суғурталаш тизимини ривожлантириш мақсадида озарбайжонлик мутахассислар томонидан мамлакатимизда семинар ва тренинглар ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Бундан ташқари, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, логистика имкониятларини кенгайтириш ҳамда озарбайжонлик тадбиркорларнинг Ўзбекистон орқали Хитой бозорларига чиқиш имкониятлари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Алоҳида таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда зайтунзорларлар ташкил этиш бўйича самарали таклифлар илгари сурилди. Бу эса аграр тармоқни диверсификация қилиш ва экспорт салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур форумда Озарбайжоннинг аграр соҳада фаолият юритувчи 15 та компанияси вакиллари иштирок этаётгани эса икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий натижаларга йўналтирилганини яна бир бор тасдиқлайди.
Учрашув сўнгида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори ўринбосари Ойбек Омонов ҳамда Озарбайжон Қишлоқ хўжалиги тадқиқот маркази директори Рашад Ҳусейнов томонидан меморандум имзоланди.
Келишувга кўра, томонлар аграр соҳа илм-фани, озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш йўналишларида ҳамкорлик қилади. Хусусан, илмий маълумот ва тажриба алмашиш, қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, мутахассислар иштирокида тренинглар ташкил этиш ҳамда инновацион ечимларни амалиётга жорий этиш кўзда тутилган.
Мазкур ҳамкорлик аграр соҳада замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш ва илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.