Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида ипакчиликда илмий ҳамкорлик янада кучаяди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шуҳрат Отажонов бошчилигида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакилларидан иборат делегация шу кунларда хизмат сафари билан Озарбайжонда бўлиб турибди.
Сафар доирасида делегация аъзолари Озарбайжон Республикаси Миллий академияси ҳузуридаги Шекин минтақавий илмий марказида бўлишди. Учрашув чоғида пиллачилик соҳасидаги илмий-тадқиқот ишлари, маҳаллий тут навлари ва ипак қурти зотлари, уларнинг иқлимга мослиги, селекция ва гибридлаштириш жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Ташриф чоғида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Шекин минтақавий илмий маркази ўртасида илмий ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Ушбу меморандум икки давлатдаги ипак қурти зотлари ва гибридларининг хўжаликда фойдалилигини ўрганиш, Ўзбекистонда етиштирилган тут навларидан Озарбайжонда, ва аксинча, озарбайжон навларидан Ўзбекистонда илмий мақсадларда фойдаланиш, тажриба ва ишланмалар алмашинувини ўз ичига олади. Шунингдек, Ўзбекистонда тутсиз ёввойи ипак қуртларини ўрганиш бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш, тадқиқотлар натижасида мақолалар, ўқув қўлланмалар ва бошқа нашрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар учун зарур ахборот ва материаллар билан ўзаро алмашиш ва тадқиқотлар жараёнида ўзаро маслаҳатлар ва методик ёрдам кўрсатиш ҳамда қўлланилади.
Шунингдек, делегация аъзолари ипак қуртиининг гибрид уруғларини тайёрлашга ихтисослашган лаборатория фаолияти билан ҳам яқинидан танишдилар. Лабораторияда қўлланилаётган замонавий технологиялар, уруғ етиштириш ва саралаш усуллари, генетик назорат жараёнлари ҳамда ҳимоя чораларига бўйича мутахассислар томонидан амалий маълумотлар берилди.
Учрашув якунларида томонлар пиллачилик соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканини билдирди.